Ўзбекистонда қандай қилиб ипотекага уй-жой харид қилиш мумкин?
Статистик маълумотларга кўра, ўртаҳол ўзбекистонлик оила тахминан ҳар етти йилда бир марта квартира сотиб олиш ҳақида ўйлайди. Кўпинча, дастлабки тўлов учун пул жамғариш ва ипотека олишга тўғри келади, чунки бутун суммани бир вақтнинг ўзида тўлаш оғирлик қилиши мумкин. Қувонарлиси, турар-жойга талаб ортиб бораётгани ва уйларни имкон қадар арзонлаштириш мақсадида 2023-йилнинг апрель ойида ҳукумат аҳолини ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлаш дастурини қабул қилди. Ушбу дастурга мувофиқ, ипотека кредитлари энди иш ҳақи тўланмайдиган шахсларга ҳам берилиши мумкин. Фармон қабул қилингач, ипотека кредитлари Ўзбекистон аҳолиси учун очиқ бўлди. Хўш, кредит олиб, кўчмас мулк эгаси бўлиш учун нималар қилиш керак? Ушбу материалимизда босқичма-босқич кўрсатмалар берилган.
Хонадон харид қилиш босқичлари
Шундай қилиб, оила кенгаши сафимизни кенгайтириш вақти келди, катта ўғилни уйлантириш ва унинг хонасига кенжатойни кўчириш фурсати етди, деган қарорга келди. Ва сиз бор-будингизни кўздан кечириб, ўз имкониятларингизни чамалаб, ипотека олиш керак деган хулосага келдингиз. Ишни нимадан бошлаш керак? Энг аввало, банклар ва таклиф қилинган ипотека маҳсулоти ҳақида керакли маълумотларни тўплаш зарур. Аниқ бир қарорга келгач, аризангизни рўйхатдан ўтказиб, унинг банк томонидан маъқулланишини кутасиз. Шундан сўнг топилган вариантларнинг марафон-кўриги, энг муносибини якуний танлаш ва қийматни баҳолаш жараёни бошланади. Ўзингизга ёққан кўчмас мулк маъқулланиши учун уни банк вакилларига кўрсатасиз. Кейинги қадам — ипотека бўйича бош тўлов ўтказиладиган ҳисоб рақамини очиш, банк ипотека шартномасининг нусхаси, кафолат хати тақдим этилиши ва ниҳоят, сотиб олинган квартирани нотариал расмийлаштириш.
Қарз олувчига қўйиладиган талаблар
Муайян бир қарз олувчига қандай талаблар қўйилади? Ипотека кредитини олувчи шахс қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
- тегишли ёш: 18 ёшдан 50 ёшгача; кредит бўйича асосий қарз ва фоизларни тўлаш учун доимий даромад;
- қарз юкламаси кўрсаткичи 70 фоизидан кўп бўлмаслиги;
- ижобий кредит тарихи.
Сиз барча параметрларга мос келсангиз, у ҳолда имкониятларни таҳлил қилиш мумкин.
Имкониятлар таҳлили
Кўчмас мулк сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилганингиз – мўлжал ва истакларингизни билдириш вақти келганини англатади. Аммо энг яхши натижага эришиш учун аввало, қуйидагиларни аниқлаб олиш керак:
- туман, нарх;
- у "бирламчи"ми ёки "иккиламчи"?;
- бош тўлов миқдори: унинг қайси қисми мавжуд?;
- Кредитни ҳар ой ўзингиз тўлай олмасангиз, кимдир қарз бериши ёки молиявий ёрдам кўрсатиши мумкинми?
Агар фарзандларингиз учун уй сотиб олаётган бўлсангиз, эҳтимол, уларнинг сизга яқин манзилда яшашларини хоҳларсиз, шу маънода, уй жойлашган ҳудудни аллақачон аниқлаштириб олган бўлишингиз керак. Ва табиийки, хоналар сонини ҳам: камида икки хонали, ҳатто келажакда невараларингиз учун уч хонали бўлиши мумкин. Инвестиция мақсадларида кўчмас мулк сотиб олаётганда эса яхши инфратузилма, қулай транспорт алоқалари ва барқарор экологик вазиятдаги илғор туманни танлаш керак. Агар пулингиз кўп бўлмаса, бир хонали таъмирланган квартирани сотиб олиш мантиқан тўғри бўлади, чунки бир хонали уйларга ҳамиша талаб катта.
Янги қурилган уйларга келсак, уни келгусида ижарага бериш учун олган афзалроқдир. Бу ҳолда квартирани таъмирлаш харажатларига пул ажратишингиз керак бўлади. "Иккиламчи" уйларнинг, одатда, яшаш учун тайёр ҳолатдаги, таъмирланган, керакли жиҳозлари мавжуд бўлгани танланади ва бундай уйларга дарҳол кўчиб ўтиб яшаш мумкин.
Молиявий имкониятларингизни чамалаган ҳолда барча омилларни ҳисобга олишга ҳаракат қилинг — умумий оила бюджетига тушадиган ойлик даромад, қўшимча даромад олиш эҳтимоли, зарур пайтда ёрдам сўраб қариндошларга мурожаат қилиш имконияти. Ўзбекистонда қариндошлар, кўпинча, бу борада бир-бирларини қўллаб-қувватлашади, чунки улар аниқ билишадики, бугун уй-жой сотиб олишга ҳисса қўшишса (ака-ука, опа-сингиллар, амакиваччалар ва ҳатто амакиваччаларнинг фарзандларига), уларга ҳам куни келиб худди шундай ёрдам кўрсатилади. Машина, ер ёки эски кўчмас мулк (агар улар сизнинг ихтиёрингизда бўлса)ни сотишингиз ҳам мумкин.
Кўчмас мулк бозорини ўрганиш
Банклар, қурувчи компаниялар ва уй-жой мулкдорлари ҳақида имкон қадар кўпроқ маълумот тўплаш керак.
Мулкдорлар. Иккиламчи бозорда ипотека кредити билан уй-жой сотиб олаётганда мулкдорларга эътибор беринг. Кўчмас мулкни қандай текшириш ҳақида биз аввалги мақолада сўз юритгандик. Асосийси, барча ҳужжатларни диққат билан кўздан кечиринг, ҳуқуқшуносга мурожаат қилинг: келгусида кўп пул йўқотишдан кўра, хатога йўл қўймаслик учун бироз ортиқча тўлов қилган афзалроқдир.
Қурувчи компаниялар. Бугунги кунда улар Ўзбекистонда, хусусан, Тошкентда жуда кўп. Агар сиз танлаган ҳудудда бир нечта турар-жой мажмуалари ва уйлар қурилаётган бўлса, унда ҳар бири ҳақида тўлиқ маълумот тўплаганингиздан сўнг энг ишончлисини танланг. Агар янги уй-жойнинг жойлашув ҳудуди ҳали аниқланмаган бўлса, ижобий фикрлар билдирилган қурувчи компанияга эътибор қаратинг. Унинг расмий сайти, алоқа боғлаш учун маълумотлари, юридик манзили борми — текширинг ва рейтинг даражаси билан қизиқинг. Агар компания ҳақида керакли маълумотларни топа олмасангиз, менежер билан боғланиб, унга барча саволларингизни беришингиз мумкин.
Банклар. Улар ҳам кўп ва ҳар бирининг фоизлари ҳар хил. Маълумотларни эринмай ўрганиш, сўнгра энг қулай вариантни танлаш керак. Банкни танлаб олгач, у ерга боринг, мутахассис билан суҳбатлашинг ва кредит шартларини аниқлаштириб олинг.
Банклар ва уларнинг таклифлари
Банк танлашда нималарга эътибор бериш керак? Фоиз ставкалари, ссуда ҳажми, бош ва ойлик тўловлар, кредит муддати, суғурталаш — буларнинг барини ўрганиб чиқиш лозим. Шуни ҳам ёдда тутиш керакки:
- максимал даражада мумкин бўлган фоизлар кўрсатилмаслиги, фоиз ставкаси эса айтилганидан юқори бўлиши мумкин;
- бош тўловсиз уй-жой кредити банк учун фойдали эмас, қўшимча молиялаштириш талаб этилиши мумкин.
Банк билан шартнома тузишдан аввал ипотека суғуртаси ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш тавсия этилади. Ипотека суғуртаси қарз олувчини молиявий йўқотишлардан ҳимоялайди. Бу форс-мажор ҳолатлар юзага келганда банкка қарзни қайтариш кафолатидир. Агар ипотекага расмийлаштирилган мол-мулк ёхуд харидорнинг ҳаёти хавф остида қолган ёки соғлиғига путур етган бўлса, суғурта компанияси банк олдидаги қарзни қоплайди. Агар ипотека суғуртасини бекор қилсангиз, фоиз ставкангиз бироз ошиши мумкин.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, ипотека кредитига уй сотиб олишнинг бир нечта вариантлари мавжуд:
- банк орқали рўйхатдан ўтиш;
- тўғридан-тўғри қурувчи компания рўйхатидан ўтиш; бўлиб-бўлиб тўлаш.
Биринчи ҳолатда, даставвал банкка ариза топширасиз, унинг тасдиқланишини кутасиз ва шундан кейингина кўчмас мулкни қидирасиз. Иккинчисида эса уй-жойни танлайсиз, сўнгра ариза берасиз. Қурувчи компания билан "квадрат метр"ларни бўлиб-бўлиб харид қилишга келишиб олишингиз мумкин, у ҳолда бош тўлов муносиб қийматда, кредитни ёпиш муддати эса минимал бўлади.
Ипотека учун ариза
Вақтни тежаш мақсадида бугун кўпчилик уйдан чиқмай туриб ариза бермоқда. Онлайн ариза топшириш учун қуйидагиларни кўрсатиш керак:
- квартира нархи;
- бош тўлов миқдори;
- кредит муддати;
- суғурта танлаш.
Анкетада шахсий маълумотлар, даромадлар ва иш жойи ҳақида маълумотлар мавжуд бўлади. Шунингдек, паспорт, СНИЛС, 2-НДФЛ маълумотномаси, меҳнат дафтарчаси ва ҳарбий гувоҳнома (агар мавжуд бўлса)нинг сканерланган нусхалари керак бўлади.
Энг хавфсиз усули кредит олмоқчи бўлган банкингизнинг иловасига, шахсий кабинетга киришдир. Бугунги кунда махсус иловалар кўпроқ қўлланмоқда, улар орқали ариза юборилади ва унинг устида ишлаш жараёни назорат қилинади. Аризангиз маъқулланганидан сўнг тафсилотларни аниқлаштириш учун сиз билан кредит мутахассиси боғланиши мумкин. Бир неча кун ичида ариза яна кўриб чиқилади ва маъқулланган тақдирда шахсий ипотека менежери сизга қўнғироқ қилади. У сотувчи ёки риелтор билан мулоқот пайтида ҳам кўмакчингиз бўлади.
Кўчмас мулкни қидириш
Шундай қилиб, ҳудуд, хоналар сони, пул ва банк борасида аллақачон бир қарорга келдингиз. Энди мураккаб жараён бошланади — уйни танлаш. Ўзингизга мос хонадонни қаердан излашингиз мумкин?
- махсус сайтлардан;
- телеграм-каналлардан, кўчмас мулк савдоси бўйича эълонлар жойлаштирилган махсус гуруҳлардан;
- қариндошлар, танишлар ёки риелторлар орқали;
- шаҳарнинг турли нуқталарига ёпиштирилган эълонлар орқали.
Интернетда савдо майдончалари жуда кўп, квартира олди-сотдиси ҳақидаги эълонларни қайта-қайта учратиш мумкин, лекин шунинг баробарида нархлар ҳар хил.
Ўзингизни қизиқтирган уй-жойлар рўйхатини тузинг, маълумотни аниқлаштириш учун берилган рақамларга қўнғироқ қилинг ва агар ҳаммасидан кўнглингиз тўлса, танланган вариантларни кўриб чиқинг.
Янги қурилаётган комплекслардан уй-жой танлашда, албатта, қурувчи компанияга учрашишингиз ва барча икир-чикирларни аниқлаштириб олишингиз, ҳамма нарсани ўз кўзингиз билан кўришингиз ва айтилганлар ҳақиқатга мос келишига ишонч ҳосил қилишингиз керак.
Объектни баҳолаш
Баҳолаш компаниясини танлаш — жиддий масала, у кўчмас мулкни баҳолайди. Бунинг учун паспорт, техник паспорт ва кўчирма асос бўлади.
Кўчмас мулк фотосуратга олинади ва барча маълумотлар текширилади. Ҳисобот почта орқали харидорга электрон шаклда юборилади ёки қоғоз шаклида тақдим этилади. У объектнинг дастлабки, кадастр ва максимал ҳисоб қиймати тўғрисидаги маълумотларини ўз ичига олади ва бу муайян бир уй-жойни сотиб олиш бўйича якуний қарор қабул қилиш учун муҳимдир.
Ҳужжатларни тайёрлаш
Квартирани ипотекага расмийлаштириш учун зарур бўлган асосий ҳужжатлар:
- қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи)нинг паспорти (асл нусха);
- пудратчи билан квартирани сотиб олиш бўйича тузилган шартнома;
- қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи)нинг охирги 12 ой давомида олган даромадлари тўғрисидаги маълумотлар.
Даромад сифатида қуйидагилар қайд этилиши мумкин:
- расмий иш жойидаги ойлик иш ҳақи;
- шахсий ёрдамчи ёки фермер хўжалиги, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркордан олинадиган доимий даромад;
- қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ва ҳужжатлаштирилган даромадлар.
Турли банкларда тақдим этиладиган ҳужжатлар учун талаблар турлича бўлиши мумкин, шу боис, уни аниқлаштириб олиш керак.
Суғурта ва ипотека ҳужжатлари
Ҳужжатлар йиғилди, харид тасдиқланди, энди олди-сотди, ипотека ва суғурта шартномасини тузишингиз керак. Шартномаларни тузишда эътиборли бўлиш, маълумотларни, ҳар бир бандни, изоҳларни текшириш керак. Битим имзоланадиган кунни белгилаб олиш лозим. Шу куни қуйидаги ҳужжатларнинг асл нусхалари мавжуд бўлиши талаб этилади:
- паспортлар;
- СНИЛС;
- 2-НДФЛ;
- баҳолаш ҳисоботи;
- ипотека учун аризалар;
- қўшимча даромадлар тўғрисидаги маълумотномалар.
Шунингдек, меҳнат дафтарчасининг нусхаси ва ҳисобингизда бош тўлов ҳамда транзакция харажатлари учун пул бўлиши керак.
Мулкдорлик ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш
Турар-жой кўчмас мулкини рўйхатдан ўтказиш учун:
- Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП)га сўров юбориш;
- унинг кўриб чиқилиши ва бож миқдори тўғрисида хабар берилишини кутиш;
- божни тўлаш, реестрдан кўчирма олиш керак бўлади.
Ариза икки кун ичида кўриб чиқилади.
Уйни қабул қилиб олиш ва топшириш далолатномаси
Даставвал кўчмас мулкни синчиклаб кўздан кечириш керак. Шундан сўнггина қабул қилиб олиш далолатномасига имзо чекилади. Янги қурилган уй бўлса, кадастр ва техник паспортлар, эшик, дераза ҳамда ҳисоблагичлар учун кафолат ҳужжатларини ҳам олиш керак.
Янги қурилган бинодаги турар жойни қабул қилиб олиш учун ўзингиз билан:
- паспорт, шартнома;
- ён дафтар ва ручка ёки қалам;
- нуқсонлар бўлса, белгилаш учун бўр, скотч;
- гугурт (шамоллатиш тизимининг ҳолатини текшириш учун);
- чироқ лампаси (электр патронларини текшириш учун)ни олинг.
Уйни кундуз куни текширган маъқулроқдир.
Уй-жойни текшириш ва қабул қилиб олиш далолатномалари барча мавжуд камчиликлар бартараф этилган ҳолатда имзоланади.
Текширув далолатномаси қуйидагиларни ўз ичига олади:
- номланиш;
- локация ва манзил;
- текшириш санаси;
- қабул қилиб олишда иштирок этган шахслар рўйхати;
- харидор ҳақида маълумот;
- ҳажмли режалаштириш кўрсаткичларининг тавсифи;
- нуқсон бўйича баёнот;
- комиссиянинг батафсил хулосалари;
- комиссия аъзоларининг имзолари;
- қурувчи компаниянинг муҳри.
- Қабул қилиб олиш далолатномаси қуйидагилардан иборат:
- номланиш;
- иншоот тавсифи;
- муҳандислик коммуникациялари ҳақида маълумотлар;
- аниқланган нуқсонлар тавсифи;
- уларни бартараф этиш бўйича бажарилган ишлар тўғрисида ҳисобот;
- харидорнинг даъвоси йўқлигини кўрсатувчи қайднома;
- далолатномага илова қилинган расмий ҳужжатлар рўйхати;
- квартирани қабул қилиб олиш тўғрисидаги хулосалар;
- далолатнома имзоланган сана;
- комиссия аъзоларининг имзолари;
- қурувчи компания муҳри.
Ипотекага уй харид қилиш бўйича маслаҳатлар
Асосий маслаҳат — бутунбошли жараёнда эътиборли бўлинг: банк танлашдан тортиб, уй-жойни қабул қилиб олишгача — буларнинг барида синчковлик зарур. Агар бирламчи бозордан уй-жой сотиб олаётган бўлсангиз, қурувчи компанияни диққат билан текширинг. "Иккиламчи" квартиранинг эса тарихи, унинг юридик жиҳатдан шаффоф эканлигига ишонч ҳосил қилинг.
Ипотека кредитини ўз вақтида тўлаб боришга ҳаракат қилинг. Агар қарз олувчи бунинг уддасидан чиқа олмаса, квартира суд қарори билан очиқ ким ошди савдосида бозор нархида сотилиши мумкин. Пулнинг бир қисми кредитни тўлашга сарфланади, қолган қисми эса қайтарилади.
Умид қиламизки, орзуингиздаги хонадонни харид қилишда маслаҳатларимиз сизга асқотади! Омад ёр бўлсин!