Ўзбекистонда хонадон сотиб олишда нималарга эътибор бериш керак?
Кўчмас мулк сотиб олмоқчисиз, лекин ишни нимадан бошлашни билмаяпсиз, шундайми? Қуйида иккиламчи бозор ва янги қурилиш объектларидан кўчмас мулк сотиб олаётганда биринчи навбатда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида сўз юритамиз. Кўчмас мулк сотиб олиш, шубҳасиз, ўта масъулиятли юмуш: қандай уйни танлаш, бу борада ким билан маслаҳатлашиш, кимга мурожаат қилишни ҳамма ҳам билавермайди. Realting.uz ушбу жараёнга тааллуқли аниқ маслаҳатлар билан ўртоқлашади.
Квартира олаётганда нималарни билиш лозим?
Агар сизга нечта хона кераклиги ва қайси ҳудудда яшаш маъқул эканини билсангиз, у ҳолда:
- ўзингизга ёққан ва мос нархдаги квартирани топиш;
- уй-жой қонуний жиҳатдан шаффоф ва ишлаб чиқарувчи ишончли эканига амин бўлиш;
- зарур ҳужжатларни йиғиш керак.
Даставвал, нархга нималар таъсир этишини кўриб чиқайлик:
- Ҳудуд.Пойтахт, вилоят маркази ва кичик шаҳарлар орасида сезиларли фарқ бор. Масалан, Тошкент шаҳрининг чеккароқ туманидаги ўрта қаватларда жойлашган, таъмири ўртача ҳолатдаги бир хонали квартиранинг ўртача нархи $45 минг, Самарқандда – $36 минг, Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Нурафшон шаҳарларида – $27-28 мингга тушади.
- Мавсумийлик. Қишда нархлар, одатда, пастроқ бўлади. Чунки у ёки бу вариантни кўриш учун ҳамма ҳам совуқда шаҳар кезишни хоҳламайди. Баҳорда ҳамманинг ҳаракатчанлиги ортиб, бозор жонланади. Ёзда дам олиш таътиллари бошланади, кўпчилик ҳордиқ чиқаришга, саёҳатларга пул сарфлайди ва талаб пасаяди. Куз — олтин мавсум. Ҳосил йиғиб олинган, иссиқ ва совуқ ҳаво уй қидиришга халал бермайди — қизиқишлар ошади ва табиийки, нархлар ҳам кўтарилади.
- Майдон. Қанчалик кўп бўлса, шунча қимматлашади.
- Синф. Иккиламчи турар-жой биноларидаги хонадон юқори сифатли қурилиш материалларидан қурилган, замонавий ҳовли дизайни, видеокузатув ва қўриқлаш тизимига эга бўлган мураккаб бинодаги қулай квартирадан арзонроққа тушади.
- Қаватлар.Энг "зўр"лари ўрта қаватлардир. Янги қурилган бинолардаги квартира қанчалик баланд қаватда жойлашган бўлса, шунчалик қиммат бўлади. Қаватлар орасида "қамалиб" қолмаслик учун лифт ҳақида маълумот олиш муҳим: ким ишлаб чиқарган, ким хизмат кўрсатади ва ҳоказо. "Иккиламчи" бинода энг арзони юқори қаватдир, чунки томдан чакка ўтиши ва лифт йўқ бўлиши мумкин (масалан, беш қаватли бинода). Бинонинг ёнлама қисмида жойлашган квартиралар ҳақида ҳам икки оғиз сўз айтмоқчимиз — улар арзонроқ, чунки бундай уйлар ёзда иссиқ, қишда эса совуқ.
- Туман. Марказга қанчалик яқин бўлса, шунчалик қимматлашади. Шунингдек, инфратузилма, транспорт йўналишлари, экологик муҳит қандай, яъни, яқин-атрофда саноат зонаси борми ёки боғу хиёбонлар мавжудми — шуни ҳисобга олиш керак.
- Ҳолат.Агар бино эски бўлса, у ҳолда уйнинг қувурларни алмаштириш, капитал таъмирлаш, янги том, шунингдек, квартиранинг яхши ҳолати, сантехника, иситиш тизими кабилар квартира нархи ошишига таъсир қилади. Янги қурилишларда эса ҳаммаси қурилиш босқичи ва таъмир мавжудлигига боғлиқ бўлади.
Квартира сотиб олишдаги рисклар
Мустақил равишда хонадон сотиб олаётганда эҳтиёт бўлиш керак. Хўш, нималарга эътибор бериш зарур?
- Уй соҳиблари.Агар улар бир неча киши бўлса, барчаси олди-сотди жараёнида иштирок этиши керак, чунки уй эгаларидан бир киши йўқ бўлса ҳам, битим ҳақиқий деб тан олинмайди. Квартира эр-хотинга тегишли бўлиб, улардан бири уни сотаётган бўлса, иккинчисининг нотариал тасдиқланган розилигини сўранг.
- Ишончнома.Ишончнома билан уй сотиб олаётганда хонадон эгаси битим имзоланаётган маҳал шахсан иштирок этишига келишиб олинг. Агар жисмоний жиҳатдан бу имконсиз бўлса, сотувчи мулкни сотиш ва ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқига эгами ёки йўқлигини текширинг. Сотувчининг паспорт маълумотларини ишончномада кўрсатилган маълумотлар билан, албатта, солиштиринг.
- Мерос.Сиз сотувчига мерос қолдирилган квартирани харид қилмоқчисиз. Бундай ҳолларда бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида нотариал тасдиқланган баёнотни сўранг, зеро, орадан бир неча йил ўтиб, аввал инобатга олинмаган "уй эгалари" пайдо бўлиши мумкин.
- Хусусийлаштириш.Уй-жой хусусийлаштирилганига ишонч ҳосил қилинг, квартира эгалик ҳуқуқига ўтказилгани тўғрисидаги шартномани кўринг, унда ким пропискада турганини билинг. Квартирада рўйхатдан ўтган барча қариндошлар хусусийлаштириш ҳуқуқига эга эканини унутманг.
- Қарз дорлик. Квартирада коммунал қарзлар мавжудлигини текширинг. Агар қарздорлик мавжуд бўлса, сотувчи уларни тўлашини талаб қилинг. Катта қарздорлик бўлган ҳолатларда уй-жойга таъқиқ қўйилиши мумкин.
Иккиламчи уйми ёки янги уй — қай бирини танлаган маъқул?
Уй-жойни қаердан олган яхши? Агар сиз янги қурилган уйларда яшашни истасангиз, биринчи навбатда ишончли қурувчини топинг. Ундан сўнг кутишга тўғри келади, чунки арзонроқ тушадиган, яъни, пойдевори қўйилган уйни оласиз ёки таъмирлаш жараёни якунланишини кутишингиз керак, чунки, “коробка” ҳолатида уй харид қиласиз. "Иккиламчи" уйларнинг афзаллиги шундаки, улар бироз арзонроқ, бундай уйни олишингиз билан кўчиб ўтишингиз мумкин, зеро, қурилиш-таъмирлаш ишлари тугашини кутиб ўтирмайсиз. Аммо, шуниси ҳам борки, кўп ҳолларда янги кўчиб келганлар квартирани ўзларига мослаштириб қайта таъмирлашади.
Янги қурилаётган уйлар ёки иккиламчи бозордан квартира сотиб олиш танловида локация ҳам муҳим — кўпчилик қариндошларига яқин жойдан; марказдан, ривожланган инфратузилмага эга; квадрат метри ҳамёнбоп нархлардаги уйлар бор тумандан хонадон харид қилишни истайди.
Кўчмас мулк қандай кўздан кечирилади?
Квартирани кундуз маҳали кўздан кечирган яхшироқ. Агар бу "иккиламчи" бозордаги уй бўлса, биринчи навбатда, қайта планировка бўлганми-йўқми, шуни билиб олинг. Агар планировка техник маълумотлар варағидаги билан бир хил бўлса, унда ҳаммаси жойида. Акс ҳолда, амалга оширилган қайта планировка қонунийлаштирилиши керак. Сўнгра шифт, деворлар, пол, дераза (кўп ойнали деразами ёки ромли дераза)лар ҳолатига разм солинг. Деворларда моғорлаш йўқми — диққат билан қаранг, чунки бу квартира намлигидан далолатдир. Барча сантехника ва иситиш тизимлари ҳолатини текширинг. Ошхонадаги қўл ювгич, ҳаммомдаги ванна остига қаранг. Агар бинода лифт бўлса, унинг ҳолатини баҳоланг. Қўшнилар билан электр, сув иситиш тизимлари ўчириладими-йўқми, шу ҳақида гаплашинг. Ҳудудда криминоген вазият қандайлигини билиш учун ИИБнинг участка нозирига учранг, техник ҳолат ва марказий коммуникациялар ҳақида маълумот олиш учун бинога хизмат кўрсатувчи компанияга мурожаат қилинг.
Янги қурилаётган уйларни танлаш учун қуйидагиларга эътибор бериш зарур:
- майдон — шартномада кўрсатилганидан фарқ қилмаслиги керак;
- деворлар ва поллар таъмири;
- деворлар вертикаллиги;
- эшик, дераза ва дудбуронлар ҳолати;
- муҳандислик тармоқлари: иситиш, сув таъминоти, электр энергияси (розетка, ўчириб-ёқиш тугмаси).
Ўзбекистонда хонадон сотиб олиш усуллари
Уйни нақд, бўлиб-бўлиб ёки ипотекага сотиб олишингиз мумкин. Янги қурилган уйлар учун ҳам, иккиламчи бозордан квартира сотиб олиш учун ҳам ипотека кредитини олишингиз мумкин. Агар қўлингизда уй-жой сотиб олиш учун етарли миқдорда пул бўлса, юқорида келтирилган маслаҳатларни ҳисобга олган ҳолда ўзингиз ёқтирган қаватдан, керакли ҳудуддан мос квартирани танлашингиз ва олди-сотди шартномасини тузишингиз мумкин. Квартира сотиб олиш учун пул етарли эмасми? Унда бўлиб тўлаш усулини танланг. Афзалликлари:
- квадрат метрларни қўшимча фоизларсиз сотиб олиш имконияти, чунки сумманинг бир қисми босқичма-босқич тўловларга бўлинади;
- одатда, харидорга махсус талаблар қўйилмайди: паспорт ва дастлабки тўлов керак, холос;
- дастлабки тўлов миқдори кўп ҳолларда 10%дан ошмайди.
Бўлиб тўлаш учун шартномани расмийлаштиришда, агар квадрат метр учун белгиланган қиймат кўрсатилган бўлса, шартнома муддати охирига қадар уй-жойнинг нархи ошмайди. Ипотекага квартирани янги қурилишлардан ҳам, "иккиламчи" уйлардан ҳам сотиб олиш мумкин. Янги қурилишда ипотекага уй-жой сотиб олиш учун қайси банкдан кредит олишни ҳал қилишингиз, ҳужжатлар пакетини тўплашингиз ва уни банкка топширишингиз керак. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, мижоз ва банк ўртасида кредит шартномаси имзоланади. Қурувчига кафолат хати тақдим этилади ва қуйидаги ҳужжатлар расмийлаштирилади: квартиранинг нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномаси, квартиранинг мижоз номига эгалик ҳуқуқи, банк гарови сифатида квартира. Банк сотувчига тўловни амалга оширади. Иккиламчи уй-жой бозорида ипотека кредитига квартира сотиб олаётганда, харидор ва сотувчи банкка депозит ҳисобини очиш учун келади. Кредит тасдиқланганидан сўнг кредит шартномаси имзоланади. Харидор ўзининг депозит ҳисобидан дастлабки тўловни амалга оширади. Банк нотариусга барча сумманинг кафолатланган тўловини тасдиқловчи хат тақдим этади, унинг асосида олди-сотди шартномаси ва кадастр ҳужжати тузилади. Шундан сўнг гаров қўйилади ва харидорнинг аризаси асосида унинг ҳисобидаги пул сотувчининг депозит ҳисобига ўтказилади.
Квартирани ўзингиз оласизми ёки риелтор ёрдами керакми?
Уйни ўзингиз ёки риелтор ёрдамида сотиб олишингиз мумкин. Агар риелторсиз ишлашга қарор қилган бўлсангиз, унда рисклар ортади. Бунда сиздан максимал даражада эътиборли бўлиш талаб этилади, квартира ҳолати ва ҳужжатларни кўздан кечириш бўйича маслаҳатларга қатъий амал қилишингиз керак. Яхшиси, шартноманинг юридик жиҳатдан шаффофлигини текшириш учун ҳуқуқшунос жалб қилишдир, у сизни қизиқтирган саволлар бўйича керакли маслаҳатни беради. Аммо кўчмас мулк бўйича мутахассис билан ҳамкорлик қилган афзалроқ, айниқса, иккиламчи бозордан уй олаётган бўлсангиз. Риелторнинг кўчмас мулк сотиб олишда ёрдами беқиёс: квартирани танлашда кўмаклашади, унинг тарихини, муаммолари бор-йўқлигини, ҳуқуқий тўсиқларни текширади, олди-сотди учун ҳужжатларни тайёрлайди.
Чек-лист: уй-жой сотиб олишда нималарни текшириш керак?
Бирламчи ташвишлар тугади, олдинда — квартирани сотиб олиш жараёни. Шартнома имзолашдан аввал қуйидагиларни текширамиз:
- мулкчилик ҳуқуқига оид ҳужжатлар;
- мулк эгасининг паспорти;
- квартирада пропискада турган шахслар тўғрисида маълумотномалар;
- коммунал тўловлардан қарздорлик йўқлиги тўғрисида маълумотномалар.
Хулоса шуки...
Кўчмас мулк сотиб олиш масаласига жуда ҳам масъулият билан ёндашинг. Янги квартирага қанча пул сарфлашингиз мумкинлигини аниқлаб олинг, бу янги қурилган уй бўладими ёки кимгадир тегишли уй-жойми — шу ҳақида ўйланг. Энг қулай қават ва туманни танланг. Турли рискларни бартараф этиш ва олди-сотди шартномасини имзолашда кўмак берадиган риелторга мурожаат қилинг.