Ўзбекистонда яшаш учун рухсатнома (ЯУР)ни қандай олиш мумкин?
Кўчмас мулк сотиб олиш, қонуний никоҳдан ўтиш, ишга жойлашиш... Ўзбекистонда яшаш рухсатномасини олиш учун яна қандай сабаблар керак?
Ушбу материалда Россия, Украина, Беларусь ва бошқа мамлакатлар фуқаролари Ўзбекистон Республикасида яшаш учун рухсатномани қандай олишлари мумкинлиги ҳақида сўз юритамиз.
Эртанги кун қандай бўлишини аввалдан айтиб бўлмайдиган шиддаткор бир замонда яшаяпмиз. Бундай пайтда ҳар бир одам ўзи ва оиласининг хавфсизлиги ҳамда осойишталигини ўйлаши, шубҳасиз. Ўзбекистон бу борада намуна бўла олиши, барқарор ва фаровон мамлакат эканлиги баробарида меҳмондўст халқи, самимий, эзгу ниятли одамлари, йил бўйи рекорд даражада қуёшли кунлари борлиги, мазали таомлари, гўзал табиати, ёрқин миллий либосларию бетакрор анъаналари билан алоҳида ажралиб туради. Шундай юртда яшашни хоҳлармидингиз? Келинг, бунга қандай эришиш мумкинлигини батафсил айтиб берамиз.
Даставвал, мамлакатга келишингиз ва ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида (ИИБМФР) рўйхатдан ўтишингиз керак. Икки ой қонуний яшаганингиздан сўнг ЯУР, яъни, яшаш учун рухсатнома талаб қилинади. Бунинг учун мамлакатга келгач дарҳол ариза ва ҳужжатларни топширишингиз керак.
2023-йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга мамлакатда доимий яшаш учун рухсатнома бериш тартибини соддалаштириш тўғрисида қарор қабул қилди. Мазкур қарорга мувофиқ, Ўзбекистонда уй-жой сотиб олган хорижликлар яшаш учун рухсатнома(ЯУР)ни тезлаштирилган тарзда олиши мумкин. Энди аризаларни кўриб чиқиш 68 кун ичида амалга оширилади, аризаларни онлайн топшириш мумкин.
Ўзбекистонда яшаш учун рухсатнома қандай имтиёзлар беради?
Рухсатнома олгандан сўнг хорижликлар маҳаллий аҳоли билан бир хил ҳуқуқларга эга бўлишади, фақат сайлов ҳуқуқи бундан мустаснодир. Хорижликлар қонуний равишда мамлакатда қолишлари ва Ўзбекистондан ташқарига чиқиш ҳамда чексиз маротаба кириш имкониятига эга бўлишлари мумкин. Пенсионерлар яшаш учун рухсатнома (ЯУР)ни олганларидан сўнг пенсияни осонлик билан расмийлаштира олишади. Расмий равишда ишга жойлашиш ва ижтимоий пакетдан фойдаланиш (агар у кўзда тутилган бўлса) ҳам мумкин. Республика банкларида карта, ҳисобварақ очиш ва банк хизматларидан фойдаланиш жуда ҳам қулай. Исталган таълим муассасасига, жумладан, олий ўқув юртига кириш ва ўқиш имконияти мавжуд. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, хусусий бизнес очиш ва ҳоказолар билан шуғулланиш мумкин.
Чет эл фуқаросига яшаш учун рухсатнома (ЯУР) бериш асослари
Бошқа давлат фуқароси яшаш учун рухсатномани қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш орқали расмийлаштириши мумкин:
- кўчмас мулк сотиб олиш. Буни уй-жой сотиб олиш орқали амалга ошириш мумкин, уйлар нархи Қорақалпоғистонда $100 000 ва Тошкентда $300 000 атрофида;
- никоҳни расмийлаштириш. Беш йиллик никоҳдан сўнг Ўзбекистон фуқароларининг турмуш ўртоқлари мамлакатда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлишади;
- ишга жойлашув. Талабгир бўлган хорижий мутахассислар ва уларнинг оила аъзоларига яшаш учун рухсатнома берилади;
- инвестициялар. Хорижлик фуқаронинг мамлакат иқтисодиётига қўшган ҳиссаси камида 3 000 000 АҚШ доллари бўлиши керак. Резидент картаси хорижлик фуқаронинг оила аъзоларига ҳам берилади;
- оилавий бирлашув. Ота-оналар фарзандлариникига, бобо-бувилар эса неваралариникига кўчиб ўтишса ва аксинча. Мамлакатнинг вояга етган фуқаролари ота-онаси вафот этганлиги ёки уларнинг муомалага лаёқатсизлиги тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этган ҳолда қарамоғида қолган вояга етмаган ака-ука ва опа-сингилларини, васийлар эса васийлигидаги шахсларни ўз уйига рўйхатга қўйиш ҳуқуқига эга;
- этник дахлдорлик. Мамлакатда туғилганлар, собиқ ўзбекистонликлар, этник ўзбеклар ва уларнинг оила аъзолари доимий прописка олишлари мумкин;
- сиёсий бошпана. Ўз ватанида ирқи, эътиқоди борасида камситилган, таъқибга учраган шахслар ва уларнинг оила аъзоларига яшаш учун рухсатнома (ЯУР) берилади.
Яшаш учун рухсатнома (ЯУР) олиш босқичлари
Хориж фуқароси Ўзбекистонга келганида: энг яқин жойдаги ИИБМФРга ҳужжатларни тақдим этиб, давлат божини тўлаб, рўйхатдан ўтишни расмийлаштириши; яшаш учун рухсатнома олиш мақсадида ариза ва ҳужжатлар билан ўша ички ишлар бўлимига мурожаат қилиши; яшаш учун келинган мамлакат талабига кўра сўраладиган ҳужжат, яъни, аввалги мамлакат рўйхатидан чиқарилганлик ҳақидаги маълумотномани ўша ерга топшириши керак.
Яшаш учун рухсатнома қандай олинади?
Агар ариза берувчининг яшаш учун рухсатнома (ЯУР) олишга асослари мавжуд бўлса, ҳеч қачон судланмаган бўлса, асосий досьени тўплаган бўлса, жамият учун хавф туғдирмаса, у ҳолда ҳужжатларни йиғиш мумкин.
Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистонда яшаш учун рухсатнома олмоқчи бўлса, вақтинча яшаш жойидаги ИИБМФР бўлимига қуйидагиларни тақдим этишади:
- республика Ички ишлар вазирлиги бланкаси бўйича ариза-анкета (2 нусха);
- халқаро паспорт (фуқаролиги бўлмаган шахслар учун рухсатнома ҳужжати);
- аризачи бирга яшайдиган Ўзбекистон фуқароларининг нотариал тасдиқланган аризаси, кўчмас мулкка оид ҳужжатларнинг асл нусхаси, ушбу “квадрат метр”ларда яшовчи шахслар сони тўғрисидаги маълумотлар;
- никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома, болаларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларининг нотариал тасдиқланган нусхалари;
- аризачининг судланмаганлиги тўғрисида ватанидан маълумотнома;
- давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция;
- 35 х 45 мм ўлчамдаги 2 та фотокарточка.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабулга олдиндан ёзилиш ва натижаларни ҳам у ерда текшириш мумкин. Яшаш учун рухсатнома (ЯУР) олиш жараёнида анкетани қандай тўлдириш ҳақидаги маълумот Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг расмий сайтида мавжуд.
Яшаш учун рухсатнома (ЯУР) бериш рад этилишининг сабаблари
Ариза берувчи маҳаллий миграция қонунчилигини билиши керак, ана шунда яшаш учун рухсатнома олиш жараёни имкон қадар қулай, ортиқча оворагарчиликларсиз, жисмоний ва психологик юкламаларсиз ўтади. Йиғилган ҳужжатлар тўплами тегишли идорага тақдим этилади.
Шундай ҳоллар ҳам бўладики, аризачига рад жавоби берилади. Агар у бир неча бор қонунни бузган ёки ҳуқуқбузарлик қилган бўлса, рад жавоб берилиши мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқаролигини олишни истаган шахс ўзи ҳақида ишонарсиз ёки тасдиқланмаган маълумотларни тақдим этган бўлиши ҳам мумкин. Салбий натижа нотўғри тўлдирилган ҳужжатлар ёки нотўлиқ ҳужжатлар тўпламини тақдим этиш оқибати бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Ариза берувчи давлат хавфсизлиги ва жамиятга таҳдид солган ҳолатда; Ўзбекистонда жазо муддатини ўтаётган бўлса, масала ижобий ҳал бўлишига умид қилиши бефойда.
Қуйидаги ҳолларда яшаш учун рухсатнома ўз кучини йўқотади, агар хорижлик фуқаро:
- бошқа давлатга доимий яшаш учун кетган;
- ҳужжатни белгиланган муддатда узайтирмаган;
- ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этган бўлса.
Яшаш учун рухсатнома (ЯУР) муддатини узайтириш ва фуқароликни олишнинг ўзига хос жиҳатлари
Яшаш учун рухсатнома (ЯУР) беш йил давомида амал қилади. Агар ариза берувчининг ёши 60 ёш ва ундан катта бўлса (пенсия ёшига етган шахслар учун ҳам) — ўн йил. Ушбу муддат охирида сиз уни яна 60 ойга узайтириш тўғрисида сўров юборишингиз мумкин. Беш марта узайтирилгандан сўнг яшаш учун рухсатнома (ЯУР) алмаштирилади. Ариза берувчи йилига жами 183 кун давомида Ўзбекистондан ташқарида бўлиши мумкин, акс ҳолда йил ҳисобга олинмайди.
Беш йиллик доимий яшашдан сўнг маҳаллий қонунчиликда белгиланган қоидаларга риоя қилган ҳолда Ўзбекистон фуқаролигини олиш мумкин.
Қувонарлиси, бугун Ўзбекистон жаҳон мамлакатлари билан тобора кўпроқ дўстона ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда. Давлат тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб бераётганлиги, инвестициялар ва малакали мутахассислар жалб қилинаётгани эса мамлакатда ривожланиш жадал босқичга чиққанидан далолатдир. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон эртанги кун сари дадил одимлаяпти. Сиз ҳам унинг фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб, келажак бунёдкори бўлишингиз мумкин.