Тошкентнинг сайёҳларбоп тумани қайси?
Тошкент – сайёҳлар учун жозибали шаҳар. Аммо бу ерга саёҳат қилишдан аввал бир неча кун қолиш масаласини ҳал этиш керак. Маълумки, Ўзбекистон пойтахтининг ҳудуди каттагина, яъни, бу шаҳар 12 та туманни жамлаган. Realting.uz шахсий танловларни инобатга олган ҳолда Тошкент шаҳридаги қайси туманлар бир неча кун меҳмон бўлиш учун мақбул эканлиги ҳақида сўз юритади.
Пойтахт шаҳарнинг кўнгилочар гўшалари
Тошкент шартли равишда икки қисмга бўлинади: Янги ва Эски шаҳар. Шуни қайд этиш жоизки, ёшлар замонавий жойларни афзал билишади. Файз ва сокинликни қадрлайдиганлар эса унинг тарихий қисмида бўлишни маъқул кўришади. Бу шундан далолатки, шаҳарнинг тарихий қисмида фойдали ва интеллектуал кўнгилочар гўшалар бисёр. Бу ерда:
- музей экспозициялари билан танишиш;
- тарихий обидаларни кўздан кечириб, маънавий озуқа олиш;
- хотиржам сайр қилиш
- имконияти бор.
Тошкентнинг гўзал гўшалари кекса сайёҳлар орасида айниқса машҳур. Улар шаҳарнинг табиати бетакрор хиёбонларини ниҳоятда хуш кўришади. Ёшларнинг аксарияти эса сершовқин кўнгилочар масканларга яқинроқ бўлишни истайди. Бунга марказий туманлар мосдир. Ушбу туманларда бир суткалик квартира ижараси сайёҳлар учун анчайин жозибали, дейиш мумкин.
Мутахассис Амир Темур хиёбонидан 2 километрлик масофада жойлашган уй-жойларни ижарага олишни маслаҳат беради. Айнан шу ерда вақтни завқли ўтказиш мумкин бўлган диққатга сазовор гўшалар ва объектлар кўп. Бу манзилнинг барчага маълуму машҳур гўзал жойлари:
- Анҳор канали;
- Темурийлар музейи;
- Навоий театри;
- Санъат музейи.
Ҳудудда истироҳат боғлари ва хиёбонлар ҳам мавжуд, ушбу масканларда дам олиб, маданий ҳордиқ чиқариш мумкин. Мазкур боғ ва хиёбонлар болалар учун ҳам қизиқарли, иссиқ мавсумда аттракционлар ишга туширилади. Оқшомга бориб эса қаҳвахона ва ресторанларда тамадди қилиш, миллий таомлардан баҳраманд бўлиш мумкин. Хусусан, “Огни Ташкента” жуда ҳам машҳур ресторан. Унда турли халқларнинг миллий ошхонаси намуналаридан тортиб, ўзбекона хушхўр таомларгача дастурхонга тортиқ этилади.
Шаҳарнинг ўзига хос хусусиятлари билан таниш меҳмонларнинг аксарияти Ц1 номли ҳудуддан квартира ижарага олишади. Бу Ўзбекистон пойтахтининг энг замонавий қисмидир. Мабодо, сершовқин жойларни ёқтирмасангиз ва осойишта ҳудудни қидирсангиз, бошқа таклифларни ҳам кўриб чиқинг.
Ўйин-кулги ишқибозларини Миробод тумани кўпроқ жалб этади. Бу ер жуда замонавий, ёшларбоп ҳудуд. Тунгги саргузашт иштиёқмандлари шу ердан ижарага квартира олишлари мумкин.
Универсал вариант: Тарас Шевченко кўчасидаги квартиралардан бирини ижарага олиш. Диққатга сазовор жойлар бу ерда кўп эмас. Бироқ қаҳвахона, бар ва клублар бу "етишмовчилик" ўрнини бемалол тўлдира олади, масалан, "Queens" номли муассасани олайлик. У ерда яйраб рақс тушиш ва яхши коктейлдан баҳраманд бўлиш мумкин.
Умуман олганда, Тошкентнинг жануби-шарқий қисми нисбатан замонавий саналади. Бу ерда кўнгилочар масканлар ва дам олиб роҳатланиш мумкин бўлган жойлар кўп. Маҳаллий аквапаркка, албатта, бориб кўриш керак – у катталар учун ҳам, болалар учун ҳам бирдек қизиқарли. Денгизда дам олишни хуш кўрадиганларга эса идеал муқобил бўла олади.
Анҳор боғида Марказий Осиёдаги энг катта чархпалак бор. Иншоотнинг баландлиги — 72 метр. Яқин-атрофда кўплаб янги турар-жой бинолари қурилган. Бу ерда квартирани қисқа ёки узоқ муддатга ижарага олиш, шунингдек, шаҳарга кўчиб келишни истаганлар ҳамёнбоп нархда хонадон сотиб олишлари мумкин.
Эски шаҳар шимоли-ғарбий қисмда жойлашган. Бу Тошкентнинг сокин қисми. Унинг барча туманлари экологик тоза ва осойишта ҳудудлар ҳисобланади. Тўғри, тунги саргузаштларни севувчиларга бу ер бироз зерикарли туйилиши мумкин.
Сокин ва осойишта туманлар
Тошкент шаҳрида кўриб завқланиш мумкин бўлган жойлар орасида марказдан узоқда жойлашган диққатга сазовор гўшалар борлигини ҳам айтиш жоиз. Эски Шаҳар ҳудуди жуда машҳур. Кўплаб тарихий обидалар мавжуд бўлган Эски шаҳарнинг бошланиш қисми:
- Чорсу бозори;
- Ҳасти Имом;
- масжидлар мажмуаси;
- қадимий мадрасалар;
- маҳаллий музейлардир.
Тошкентнинг тилларда достон гўшаларидан қай бирига боришни билмасангиз, энг яхшиси, телеминорани танланг. Ушбу иншоотга шунчаки такси билан етиб олиш мумкин. Йўл-йўлакай Япон боғига ташриф буюришни ҳам унутманг.
Марказдан четроқ туманлар тозалиги ва файзи билан кўзни қувнатади. Бу ерда шовқин-сурон йўқ. Шундай бўлишига қарамай, барча эҳтиёжларни марказга бормай туриб ҳам қондириш мумкин. Масалан, Яккасарой туманида санъат ихлосмандлари учун машҳур Бадиий академия бор.
Яшаш учун қулай ва арзон жой
Тошкентнинг диққатга сазовор масканлари бутун жаҳонга маълум ва машҳур. Булар, биринчи навбатда, диний, тарихий ёдгорликлардир. Аммо сайёҳлар қуйидагиларни билишлари лозим: машҳур иншоотлар яқинидаги турар жой қимматроқ бўлади. Саёҳат учун пулни тежашда арзонроқ квартира ижараси муҳим эканини биласиз. Масалан, Чилонзор туманини олайлик. Бу ерда кўкаламзор ҳудудлар кўп, дўконлар ва болажонларга ёқадиган майдончалар мавжуд. Мана бу гўшаларга, албатта боринг:
- Ёзувчилар хиёбони;
- "Magic City" истироҳат боғи;
- Савдо-кўнгилочар марказ.
Яна бир вариант сифатида Юнусобод туманидаги уй-жой ижарасини кўриб чиқиш мумкин. Бу ер жуда сокин ва осойишта. Кўриш керак бўлган диққатга сазовор масканлар орасида:
- Тошкент Бродвейи;
- Ҳайвонот боғи;
- Астронавтлар музейи бор.
Савдо нуқталари кўплиги туфайли кўплаб сайёҳлар ушбу ҳудуддан турар-жой излашади. Дўконлардан арзон маҳсулотлар ва яқинларингиз учун эсдалик совғалар харид қилишингиз мумкин.
Тошкентдаги энг арзон туманлар: Олмазор, Бектемир ва Учтепа туманлари. Улар четроқда жойлашган. Бу ерда рус тилида сўзлашувчилар кам ва кўнгилочар масканлар йўқ ҳисоби.
Маслаҳат: ерусти транспорти жадвалига қараб қолмаслик ва таксига пул сарфламаслик учун метро бекатлари яқинидан квартира олинг. Бу Тошкент бўйлаб саёҳат қилишнинг энг қулай усули.
Қаерда яшаш хавфли?
Кўпчилик сайёҳлар Тошкентда ижарага уйни фақат элитар ҳудуддан олиш мумкин деб ўйлашади. Бу нотўғри. Четроқ ҳудудлар суткалик яшаш муаммосига яхши ечим бўла олади. Бу жойлар яшаш учун хавфли деб ўйлашга ҳожат йўқ. Тошкент – осойишта шаҳар. Маҳаллий аҳоли меҳмондўст ва очиқкўнгил. Улар меҳмонларни ҳамиша мамнуният билан кутиб олишади.
Кечалари ёлғиз юриш ёхуд шубҳали жойларга бориш ярамайди, албатта. Энг муҳими, ўзгаларнинг анъаналарини ҳурмат қилиш ва ён-атрофдагилар билан ўзаро низо қўзғатмасликдир. Шуни ишонч билан айтишимиз мумкинки, Тошкентда яшаш хавфли эмас. Бу ерда криминоген вазиятли ҳудудлар йўқ.
Доимий яшаш учун энг мақбул туман
Кўпчилик Тошкентни доимий яшаш учун танлайди. Ва бу оқилона қарордир. Зеро, Ўзбекистон пойтахти тобора гуллаб-яшнамоқда, у ерда тадбиркорлик учун кўплаб имкониятлар мавжуд.
Доимий яшаш учун туман танлашда бир нечта омилларни ҳисобга олиш керак, хусусан:
- инфратузилма (мактаб, болалар боғчаси, поликлиника ва ҳ.к мавжудлиги);
- транспорт йўналишларининг жойлашуви:
- асосий контингент (ёшлар, ўрта ёшлилар, қариялар).
Масалан, кексалар Эски шаҳарни танлашади. Бу ер тинч ва осойишта, сайр қилиш учун хиёбонлар, болалар майдончалари ва дўконлар мавжуд. Эски шаҳар ҳудуди диний эътиқодли кишиларга ҳам жуда маъқул келади: ўрта аср масжидлари фаолият кўрсатмоқда.
Серҳаракат ва фаол сайёҳлар учун марказий туманлар яхшироқдир. Андрей Содиқов Дарҳон турар-жой мажмуасига эътибор қаратишни тавсия этади. У машҳур Амир Темур хиёбони яқинида жойлашган. Бу ер болали оилалар учун қулай: нуфузли мактаблар ва болалар боғчалари бор.
Шундай қилиб, Тошкентда унчалик қиммат бўлмаган квартирани ҳам чекка, ҳам марказий туманлардан топиш мумкин. Асосийси, танлов маҳали ўзингизга маъқул жиҳатларни ҳисобга олишингиздир. Бундан ташқари, вақт чегараларини ҳам инобатга олиш муҳим. Аниқроғи, агар сиз Тошкентда узоқ вақт қолишни режалаштирмаган бўлсангиз ва қисқа муддат ичида унинг колорити билан танишишни истасангиз, марказни танланг. Доимий яшаш учун эса четроқ тумандаги хонадонни ижарага олган маъқулдир.